324-19-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилиш
Иш кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритилганлиги ҳақида уч кунлик муддатда кассация шикояти (протести) берган шахсга, шунингдек ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга, агар шикоят (протест) уларнинг манфаатларига дахл қилса, хабар қилинади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга шикоятнинг (протестнинг) кўчирма нусхаси ёки уларнинг электрон нусхалари билан кассация инстанцияси судининг интернет-ресурси орқали танишиш имконияти тўғрисидаги хабарнома юборилади. Бунда ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг шикоятга (протестга) доир эътирозларини ёзма шаклда ёки электрон ҳужжат тарзида бериш ҳуқуқи, ушбу эътирозларни тақдим этиш муддати кўрсатилган ҳолда, тушунтирилади. Шикоят (протест) юзасидан келиб тушган эътирозлар ишга қўшиб қўйилади.