313-2-модда. Ярашув тўғрисидаги ариза
Жабрланувчи ёхуд унинг қонуний вакили ярашув тўғрисидаги аризани иш ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан кўриб чиқилиши вақтида, шунингдек суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд қарор чиқаргунига қадар бериши мумкин.
Аризада етказилган зарар бартараф этилгани, шунингдек ярашилганлиги муносабати билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги иш юритилишини тугатиш тўғрисидаги илтимос кўрсатилган бўлиши керак.
Агар ярашув ҳақидаги ариза иш биринчи инстанция судида суд муҳокамасидан ўтказилаётганда берилган бўлса, суд уни дарҳол кўриб чиқишга киришади.
Агар иш бўйича бир неча жабрланувчи бўлса, фақат барча жабрланувчилар билан ярашувга эришилган тақдирда, ярашув тўғрисидаги ишни юритиш мумкин.
Аризани қабул қилиш чоғида ваколатли орган (мансабдор шахс) ва суд жабрланувчига ёки унинг қонуний вакилига суд ярашувни тасдиқласа, у мазкур иш бўйича иш юритишни қайта тиклаш ҳақида илтимоснома бериш ҳуқуқини йўқотишини тушунтириши шарт.