289-модда. Шахсни кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириш
Шахсни кўрикдан ўтказиш ички ишлар органларининг, ҳарбий соқчилик, ҳаво транспортининг, божхона органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари ва чегара қўшинларининг ваколатли шахслари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида бевосита назарда тутилган ҳолларда эса, шунга ваколати бўлган бошқа органлар томонидан амалга оширилиши мумкин.
Шахсни кўрикдан ўтказиш кўрикдан ўтказилаётган шахс билан бир жинсда бўлган шахслар томонидан ва шу жинсдаги иккита холис гувоҳ иштирок этган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
Ашёларни кўздан кечириб чиқиш ички ишлар органларининг, ҳарбий соқчилик, ҳаво транспортининг, божхона органларининг, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органларининг, чегара қўшинларининг, солиқ органларининг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмаларининг, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларининг, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси органларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида бевосита назарда тутилган ҳолларда эса, шунингдек тегишли ваколати бўлган органларнинг бошқа ваколатли шахслари томонидан амалга оширилади.
Ашёларни, ов қилиш ва балиқ тутиш қуролларини, қўлга киритилган маҳсулотлар ва бошқа буюмларни кўздан кечириш, одатда, шу ашё ва буюмлар кимнинг мулки ёки эгалигида бўлса, ўша шахс иштирокида амалга оширилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, мазкур ашёлар, буюмларни мулкдорсиз (эгасисиз) иккита холис гувоҳ иштирокида ҳам кўздан кечириб чиқилиши мумкин.
Шахсий кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириш тўғрисида баённома тузилади ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага ёхуд маъмурий йўл билан ушлаб туриш тўғрисидаги баённомага тегишинча ёзиб қўйилади.
Божхона муассасаларида шахсий кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириш божхонага доир қонунчилик билан белгиланган тартибда амалга оширилади.