286-модда. Маъмурий йўл билан ушлаб туриш
Маъмурий йўл билан ушлаб туриш тўғрисида баённома тузилиб, унда: баённома тузилган сана ва жой, баённома тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми; ушлаб турилган шахс ҳақидаги маълумотлар; уни ушлаб туриш вақти, жойи ва унинг асослари кўрсатилади.
Баённома уни тузган мансабдор шахс ва ушлаб турилган шахс томонидан имзоланади. Ушлаб турилган шахс баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, баённомага шу ҳақда ёзиб қўйилади.
Ушлаб турилган шахснинг илтимосига кўра, у ушлаб турилган жой ҳақида унинг қариндош-уруғлари, адвокат, иш ёки ўқиш жойидаги маъмурият хабардор қилиб қўйилади. Вояга етмаган шахс ушлаб турилгани ҳақида унинг ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахслар албатта хабардор қилинади.