283-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайдиган ҳоллар
Агар фуқаро ўзи содир этган ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирмаса ҳамда унга жойнинг ўзида солинадиган жариманинг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан ошмаса, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши тўғрисидаги ишлар юзасидан эса фақат ушбу Кодекс 138-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайди.
Жарима тўлаганлиги тўғрисида айбдорга белгиланган шаклдаги квитанция берилади.
Башарти фуқаро ўзига солинадиган жаримага эътироз билдирса, у ҳолда ушбу Кодекснинг 279-моддасига мувофиқ баённома тузилади.
Транспорт воситасидан фойдаланган ҳолда йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото- ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган, шунингдек божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қайд этилган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайди
Ушбу Кодекснинг 193-моддасида назарда тутилган депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатлари бузилган тақдирда, тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари девонлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари котибиятлари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўзининг аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳияти ҳақидаги маълумотларни, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Ушбу Кодекснинг 197-1-моддасида назарда тутилган адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилинган тақдирда, адвокат маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, вақтни ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳиятини, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Ушбу Кодекснинг 197-5-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда (таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш), таълим муассасасининг педагог ходими маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва унинг моҳияти тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.