269-1-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, ишни кўриб чиқиш жараёнида орган (мансабдор шахс) томонидан талаб қилиб олинган ҳужжатлар, шунингдек қоғозда расмийлаштирилган ҳужжатлар асосида шакллантирилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар электрон шаклда шакллантирилиши мумкин.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар электрон шаклда шакллантирилганда ишда иштирок этувчи шахслар органга (мансабдор шахсга) ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этишга ҳақли.
Ишлар электрон шаклда шакллантирилганда ишда иштирок этувчи шахслар томонидан судга тақдим этилган ёзма ҳужжатлар ишга электрон шаклда қўшиб қўйилади, шундан сўнг ёзма ҳужжатлар уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, орган (мансабдор шахс) томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар тегишинча органнинг мажлисида раислик қилувчининг ва котибнинг ёки ишни кўриб чиқувчи мансабдор шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни электрон шаклда бошқа органга топшириш ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги электрон шаклда шакллантирилган ишларнинг қоғоздаги кўчирма нусхалари бўлиши мумкин.