(266-3-модда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлдаги ЎРҚ-486-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 03/18/486/1559-сон)
266-4-модда. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси органлари
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси органларига ушбу Кодекс 72-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларида (ичимлик эҳтиёжлари учун сув қудуқларини қазишнинг белгиланган қоидаларини ва технологиясини бузишга оид қисмида), 74-моддасида (ичимлик суви олишнинг белгиланган лимитларини бузишга доир қисмида), 75-моддасида (сув объектларидан олинадиган ичимлик суви миқдорининг дастлабки ҳисобини юритиш қоидаларини бузишга оид қисмида), 76-моддасида (ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектларидан фойдаланиш қоидаларини бузишга доир қисмида), 163-моддасида (водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ва ичимлик суви таъминоти водопроводидан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузишга оид қисмида), 163-1-моддасида (уй-жойларни, жамоат, ишлаб чиқариш объектларини ва бошқа объектларни канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан улаб олишга доир қисмида), 163-2-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима солиш тариқасида маъмурий жазо чораларини қўллашга қуйидагилар ҳақли:
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг бошлиғи ва унинг ўринбосари, бўлим бошлиқлари, бош мутахассислари;
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳудудий инспекцияларининг бош инспекторлари ва инспекторлари.