249-модда. Давлат ёнғин назорати органлари
Давлат ёнғин назорати органларига ушбу Кодекснинг 84, 124, 211-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.
Давлат ёнғин назорати органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва маъмурий жазо қўллашга қуйидагилар ҳақли:
Ўзбекистон Республикаси ёнғин назорати бўйича бош давлат инспектори ва унинг ўринбосарлари — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваригача миқдорда жарима солишга;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектлардаги ёнғин назорати бўйича бош давлат инспекторлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ёнғин назорати бўйича бош давлат инспекторининг катта ёрдамчилари — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт бараваригача, мансабдор шахсларга эса — саккиз бараваригача миқдорда жарима солишга;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектлардаги ёнғин назорати бўйича бош давлат инспекторларининг катта ёрдамчилари — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваригача миқдорда жарима солишга;
туманлар (шаҳарлар), ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектлардаги, ёнғин назорати бўйича катта давлат инспекторлари ва уларнинг ўринбосарлари — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса — икки бараваригача миқдорда жарима солишга;
туманлар (шаҳарлар), ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектлардаги, ёнғин назорати бўйича давлат инспекторлари — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмигача, мансабдор шахсларга эса — бир бараваригача миқдорда жарима солишга.