234-модда. Чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар тўғрисидаги маълумотларни хабар қилмаганлик
Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари мансабдор шахсларининг ногиронлик гуруҳидан қатъи назар, ногирон деб топилган барча чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар тўғрисидаги маълумотларни мудофаа ишлари органларига хабар қилмаганлиги —
базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Фуқаролик ҳолати актларини қайд қилиш идоралари мансабдор шахсларининг туман (шаҳар) мудофаа ишлари органларига чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурларнинг фамилияси, исми, отасининг исмидаги ўзгаришларга оид, уларнинг туғилган санаси ва жойи тўғрисида фуқаролик ҳолати актларини ёзиш дафтарига киритилган ўзгартиришлар ҳақидаги, шунингдек чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурларнинг вафотини қайд этиш ҳоллари тўғрисидаги маълумотларни хабар қилмаганлиги —
базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.