227-14-модда. Товарларни қайта ишлаш тартибини бузиш
Товарларни қайта ишлаш тартибини бузиш, яъни товарларни қайта ишлашда белгиланган талабларга, чеклашлар ва шартларга, шу жумладан қайта ишлаш муддатлари, қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш миқдори, товарларни қайта ишлаш бўйича операциялар ўтказиш тартиби тўғрисидаги талаблар, чеклашлар ва шартларга риоя этмаслик, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Қайта ишлаш маҳсулотларини бошқа товарларга алмаштириб қўйиш —
товарлар мусодара қилиниб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш —
товарлар мусодара қилиниб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.