227-8-модда. Божхона расмийлаштируви тугалланмаган товарлар ва транспорт воситалари билан ғайриқонуний операциялар, шунингдек божхона органининг рухсатисиз юк операциялари ва бошқа операциялар ўтказиш
Божхона расмийлаштируви тугалланмаган товарлар ва транспорт воситалари билан операциялар ўтказиш, белгиланган талаблар ва шартларни бузиб, уларнинг ҳолатини ўзгартириш, улардан фойдаланиш, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Божхона назорати остида турган товарлар ва транспорт воситаларини божхона органининг рухсатисиз транспортда ташиш, ортиш, тушириш, қайта ортиш, бузилган ўровни тузатиш, ўраш, қайта ўраш ёки ташиш учун қабул қилиш, шундай товарлардан намуналар ва нусхалар олиш, мазкур товарлар ва транспорт воситалари туриши мумкин бўлган бинолар ва бошқа жойларни очиш —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Божхона расмийлаштируви тугалланмаган товарлар ва транспорт воситаларини тасарруф этиш, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.