179-3-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш
Ички назоратни, мижозларни лозим даражада текшириш натижаларини ҳужжатлаштириш ва сақлашни, таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш ва ҳужжатлар билан қайд этишни ташкил қилиш ва амалга оширишга доир талабларни бузиш, операцияни амалга оширишни рад этиш, худди шунингдек махсус ваколатли давлат органига шубҳали операциялар ҳақидаги ахборотни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки нотўғри ахборот тақдим этганлик, қонунчилик талабларининг пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйишга ёки операцияларни тўхтатиб туришга оид қисмини ижро этмаслик, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ички назорат қоидаларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назоратни амалга оширишнинг белгиланган тартибини тегишли назорат қилувчи, лицензияловчи ва рўйхатдан ўтказувчи органлар томонидан бузиш, худди шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш муносабати билан тижорат, банк сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ғайриқонуний равишда талаб қилиш, олиш ёхуд ошкор этиш, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Каналага уланиш
👉 @mjtk_uz