178-1-модда. Реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузиш
Фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан реклама ахборотига тааллуқли ҳужжатлар ва материалларни ваколатли давлат органига белгиланган муддатда тақдим этмаганлик ёки атайин нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, шунингдек ваколатли давлат органининг реклама тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишини тугатиш ҳақидаги кўрсатмасини ўз муддатида бажармаганлик —
базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан нотўғри реклама берганлик, ташқи рекламани жойлаштириш тартибига риоя қилмаганлик ёки аксилреклама беришдан бош тортганлик, худди шунингдек реклама қилиниши қонунчилик билан тақиқланган маҳсулотни реклама қилганлик —
базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш —
базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Каналага уланиш 👉@mjtk_uz