88-модда. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик
Қурилиш ишларини ва бошқа ишларни бажариш чоғида ёнилғи моддаларни ва қурилиш материалларини бир жойга тўплашда, ушбу моддалар ва материалларни, шунингдек ёқилғи ҳисобланмайдиган материалларни ёқишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик, махсус техник қурилмаларни қўлламасдан битумни эритиш —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса — бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Каналага уланиш
👉 @mjtk_uz