74-модда. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш
Табиий сув оқимлари (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар), сув ҳавзалари (кўллар, денгизлар) ва бошқа табиий сув объектларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини, сув олиш лимитларини бузиш, сувларнинг ҳамда сув объектларининг ҳолатига таъсир кўрсатувчи гидротехника ишларини ва бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажариш, шунингдек лойиҳада назарда тутилган балиқларни муҳофаза қилиш иншоотлари ва қурилмалари бўлмаган ҳолда улардан сув олишни амалга ошириш —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Сунъий сув оқимлари (очиқ ва ёпиқ каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари), сув ҳавзалари (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) ҳамда бошқа сунъий сув объектларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш, яъни сувдан хўжасизларча фойдаланиш, сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехника ишларини ва бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажариш, сув объектларидан белгиланган сув олиш лимитлари, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаларини бузиш —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ер ости сувли қатламларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини, ер ости сувли қатламларидан сув олиш лимитларини бузиш, ер ости сувларидан ўзбошимчалик билан сув олиш, бундан жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари, шу жумладан томорқа ер участкаларини суғориш учун сувдан умумий фойдаланиши мустасно, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Каналага уланиш
👉 @mjtk_uz