View in Telegram
ҲАЁТ САБОҚЛАРИ Мирзо Кенжабекнинг “Ҳаёт садолари” китобига ёзув Бу “Ҳаёт...” мушкул китоб, мушкул китобдир бул китоб, Кўнгил аҳлига вале кўнгул китобдир бул китоб. Бул китобни аҳли ҳикмат, аҳли дард тез англаюр, Бул – китоб шаклидаги кашкул китобдир бул китоб. Ер уза ер депсинур кўп шеърият тулпорлари, Бул китоб – парвоздадир, дулдул китобдир бул китоб. Термизийлар мулкидан эсган саболар мангудир, Барча ибрат аҳлига мақбул китобдир бул китоб. Бунда пирлар зим-зиё оламга сочгайлар зиё, Термизу Табрезу Истанбул китобдир бул китоб. Бандалар банд бўлса гар фисқу фужур иғво билан, Тоату тақво билан машғул китобдир бул китоб. Авлиёлар пойида ётган жаҳонгирларни кўр, Эътиқод дунёсига бахш – шул китобдир бул китоб. Бунда шоҳлар пир валию, пир валилар подшоҳ, Шайх Бистомий билан Баҳлул китобдир бул китоб. Бунда Ҳофиз бирла ҳазрат Яссавий суҳбат қурур, Чой қуюр Махтумқулидай қул, китобдир бул китоб. Кечалар кўксимда йиғлар бир мусофир андалиб, Гул китобдир бул китоб, булбул китобдир бул китоб. Ота-она хокларидан ҳам видою ҳам салом, Кўксим ўчоғида чўғу кул китобдир бул китоб. Опа-сингил, нону тандир исли энг хуш онларим, Бул менинг ҳам хайру хўшим, шул китобдир бул китоб. Дўстлигу меҳру садоқат, одам авзойига ҳам, Олам авзойига ҳам масъул китобдир бул китоб. Назмимиз Мирзосининг шамъи Сирожи ўчмагай, Дил китобдир токи бул, кўнгул китобдир бул китоб. Гапни чўзсанг, чўзмасанг ҳам, қисса ҳам алқисса шул: Мухтасар айтсам агар – маъқул китобдир бул китоб. 19, 27.12.2024 й. Сирожиддин САЙЙИД, Ўзбекистон халқ шоири. @m_kenjabek ┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily