Фарғона шоирларидан
Jamoliddin Badalov
МАЛEНА
Малена!
Энг арзон фоҳиша!
Малена!
Бир бурда нонга зор!
Сигарет дейсанми?
Хоҳишинг,
Хумори босилса бўлгани.
Баданни сотдингми, хиёнат!
Малена!
Энг гўзал фоҳиша!
Бу бадбўй оғизлар номингни
Ҳар ерда балчиққа қоришар!
Ай, писмиқ хонимлар,
хоинлар!
Ўв, пўрим жаноблар!
Босқинда
шуларку душманнинг этигин
ялашиб-юлқашиб,
қўшқўллаб,
Ватанни сотганлар!
Сотқинлар!
Бақувват қўл керак, бақувват!
Бир елка лозимдир ҳайбатли!
Ювуқсиз итларнинг тумшуғи
Покиза ҳилқатни булғамай!
Халоскор бир юрак керакдир
Ҳимоя қилгани, ҳимоя!
Исмингда неча минг
Эҳтирос!
Ҳайқириқ!
Хўрсиниқ!
Неча минг!
Оримдан кечдим мен, ори рост,
Жонимни асрадим, кечиринг!
Малена!
Қонталаш баданинг!
Малена!
Зўрланган ватаним!
Бошимни букканча кетарман,
Муносиб ўғлонлар тиларман,
Ишонгил!
Ишонсанг бўлгани!
Алвидо,
Энг яхши кўрганим!
Humoyun Fattoh
***
Марғилонда
мажнунлар ҳар дам
Қарғайди одамнинг соғини...
Симёғочга тўлган шаҳарда
Яшайман ойдинни соғиниб.
Яшайдирман гўёки танҳо,
Хуш кўрмайди
нотаниш роҳлар.
Энди мева оқизмас анҳор –
Ахир шаҳид бўлган дарахтлар.
Ўзлигидан воз кечган эрлар,
Нозирларга ҳиммат кўрсатиб.
Шеър ўқийди фақат шоирлар,
Ҳақиқатдан юз бурар хатиб...
Юлдузни не айлайди ғорат,
О, сесканиб кетаман туйқус.
Ҳилолни ҳам тўсар иморат,
Уйқучи қиз бермайди уйқу.
Марғилонда
мажнунлар ҳар дам
Қарғайди одамнинг соғини...
Симёғочга тўлган шаҳарда
Яшайман ойдинни соғиниб.
@Jontemir_t