75-модда. Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш
Ҳукм чиқарилганидан кейин ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган тарзда руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган шахс, шунингдек жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқа оғир касалликка чалинган шахс жазони ўташдан озод қилиниши лозим.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга нисбатан суд тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўллаши мумкин.
Бундай шахслар тузалганидан кейин, ушбу Кодекснинг
69-моддасида назарда тутилган ва суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган кундан бошлаб ҳисобланадиган муддатлар ўтиб кетмаган бўлса, жазо ижро этилади.
Интизомий қисмга жўнатиш ёхуд хизмат бўйича чеклаш жазосига ҳукм қилинган ҳарбий хизматчилар, уларнинг соғлиғи ҳарбий хизмат учун яроқсиз деб топилган бўлса, жазони ўташдан озод қилинадилар. Хизмат бўйича чеклаш жазосига ҳукм қилинган ҳарбий хизматчи аёллар уларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиши муносабати билан ҳам жазони ўташдан озод қилинадилар.
Мажбурий жамоат ишларига ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахслар жазони ўташ вақтида меҳнатга яроқсиз бўлиб қолсалар ёхуд пенсия ёшига етган бўлсалар, шунингдек аёллар бу турдаги жазони ўтаётган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқсалар, жазони ўташдан озод қилинадилар.
@jinoyatkodeksi_uz