72-модда. Шартли ҳукм қилиш
Агар суд озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келса, шартли ҳукм қўллаши мумкин. Бундай ҳолда суд, башарти, белгиланган синов муддати давомида жазонинг шартлилигини бекор қилиш асослари келиб чиқмаса, тайинланган жазони ижро этмаслик тўғрисида қарор чиқаради.
Синов муддати бир йилдан уч йилгача белгиланиб, ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади. Башарти, шартли ҳукм қилиш тўғрисидаги қарор юқори суд томонидан чиқарилган тақдирда ҳам, синов муддатини ҳисоблаш шу кундан бошланади.
Шартли ҳукм қилинганда, башарти, бунга асослар мавжуд бўлса, суд маҳкумга муайян вақт мобайнида етказилган зарарни бартараф қилиш, ишга ёки ўқишга кириш, яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгариб қолса, бу ҳақда шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органга хабар бериб туриш, вақти-вақти билан келиб бу органларда рўйхатдан ўтиб туриш, муайян жойларда бўлмаслик, муайян вақтда яшаш жойида бўлиши, алкоголизм, гиёвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташи каби мажбуриятларни юклаши мумкин.
Шартли ҳукм қилинган шахсларнинг хулқи устидан ички ишлар органлари, ҳарбий хизматчилар хулқи устидан эса, ҳарбий қисм ёки муассасанинг қўмондонлиги назорат олиб боради.
Ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органнинг тақдими билан суд синов муддати давомида унга юклатилган мажбуриятларнинг ҳаммасини ёки бир қисмини олиб ташлаши ёки унинг зиммасига янги мажбуриятлар юклаши ҳам мумкин.
Агар шартли ҳукм қилинган шахс синов муддати давомида суд унга юклаган мажбуриятларни бажармаса ёхуд жамоат тартиби ёки меҳнат интизомини бузганлиги учун унга маъмурий ёки интизомий таъсир чораси қўлланилган бўлса суд унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномасига биноан жазонинг шартлилигини бекор қилиб, ҳукмда тайинланган жазони ижро этиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.
Шартли ҳукм ўта оғир жинояти учун ҳукм қилинганларга, шунингдек илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, шунингдек олтмиш ёшдан ошган шахслар бундан мустасно.
Шартли ҳукм қилинган шахс синов муддати давомида янги жиноят содир этса, суд унга нисбатан ушбу Кодекснинг
60-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича жазо тайинлайди.
@jinoyatkodeksi_uz