71-модда. Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан жазодан озод қилиш
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса, суд томонидан жазодан озод қилиниши мумкин.
Бошқа шахслар билан биргаликда жиноят содир этишда иштирок қилган ёки уюшган гуруҳ ёхуд жиноий уюшма аъзоси бўлган шахс, агар у айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг олдини олиш, жиноятни очиш ёки унинг ташкилотчиларини ёхуд бошқа иштирокчиларини аниқлаш ва фош қилишга ёрдам берган бўлса, башарти у оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда бевосита иштирок этмаган бўлса, суд томонидан жазодан озод қилиниши мумкин.
Ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида алоҳида кўрсатилган ҳолларда, жиноят содир этган шахс ўз қилмишига амалда пушаймон бўлган тақдирда суд томонидан жазодан озод қилиниши лозим.
@jinoyatkodeksi_uz