34-модда. Рецидив жиноят
Шахснинг илгари қасддан содир этган жинояти учун судланганидан кейин қасддан янги жиноят содир этиши рецидив жиноят деб топилади.
Илгари ҳукм қилинган жиноятига ўхшаш жиноят содир этган, ушбу Кодексда алоҳида кўрсатилган ҳолларда эса, Махсус қисмнинг бошқа моддалари билан ҳам ҳукм қилинган шахснинг қасддан янги жиноят содир этиши хавфли рецидив жиноят деб топилади.
Беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган қасддан янги жиноят содир этиш, яъни:
а) илгари ўта оғир жинояти учун ёки икки марта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, уларнинг ҳар бири учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши;
б) илгари оғир жинояти учун икки марта ҳукм қилинган ёки олдин-кейинлигидан қатъи назар, оғир ёки ўта оғир жиноятлар учун уларнинг ҳар бирига беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахснинг оғир жиноят содир этиши ўта хавфли рецидив жиноят деб топилади.
Суднинг ҳукми билан шахс ўта хавфли рецидивист деб топилиши мумкин.
Шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган вақтда унинг бошқа давлатлар судларининг ҳукмлари бўйича судланганлиги ҳам ҳисобга олиниши мумкин.
Шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган вақтда унинг ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар содир этган жинояти учун судланганлиги, шунингдек қонунда белгиланган тартибда судланганлик муҳлатларининг ўтиб кетганлиги ёки олиб ташланган судланганлиги инобатга олинмайди.
Ушбу Кодекс Махсус қисмининг ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни белгиловчи моддалари шахс ушбу жиноятни содир этгунга қадар қонунда белгиланган тартибда ўта хавфли рецидивист деб топилган бўлсагина қўлланилади.
@jinoyatkodeksi_uz