22-модда. Эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноят
Ўз-ўзига ишониш ёки бепарволик орқасида содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноят деб топилади.
Агар жиноятни содир этган шахс ўз хулқ-атвори қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи ета туриб, эҳтиёткорлик чора-тадбирларига онгли равишда риоя этмаган ҳолда бундай оқибатлар келиб чиқмаслигига асоссиз равишда умид қилган бўлса, бундай жиноят ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этилган деб топилади.
Агар жиноят содир этган шахс ўз хулқ-атвори қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи етмасада, лекин кўзи етиши лозим ва мумкин бўлса, бундай жиноят бепарволик орқасида содир этилган деб топилади.
@jinoyatkodeksi_uz