211-модда. Пора бериш
Пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора бериш:
а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг
210 ёки
212-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда содир этилган бўлса, —
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора бериш:
а) жуда кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.
@jinoyatkodeksi_uz