186 прим 1-модда. Этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш
Этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса-
базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) кўп миқдорда;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
г) хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) жуда кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини кўп миқдорда ёки жуда кўп миқдорда қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёхуд муомалага киритишга ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик қилиш, —
етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
@jinoyatkodeksi_uz