116-модда. Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик
Шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, —
уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Қонун ёки махсус қоидаларга мувофиқ касалга ёрдам кўрсатиши шарт бўлган шахснинг узрли сабабсиз шундай ёрдам кўрсатмаганлиги баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар эҳтиётсизлик орқасида одам ўлишига сабаб бўлса, —
икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар эҳтиётсизлик орқасида:
а) одамлар ўлимига;
б) бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, —
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
@jinoyatkodeksi_uz