105-модда. Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш
Содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлмаган ва ушбу Кодекснинг
104-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келмаган, лекин соғлиқнинг узоқ вақт, яъни камида йигирма бир кун, аммо тўрт ойдан кўп бўлмаган даврда ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг ўн фоизидан ўттиз уч фоизигача йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш —
уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш:
а) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
б) ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;
в) ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан;
г) ўта шафқатсизлик билан;
д) оммавий тартибсизликлар жараёнида;
е) тамагирлик ниятида;
ж) миллатлараро ёки ирқий адоват замирида;
з) диний таассублар замирида;
и) бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб;
к) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 104-моддасида назарда тутилган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этган ёхуд ушбу Кодекснинг 97-моддасида назарда тутилган қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этган шахс томонидан;
л) ўта хавфли рецидивист томонидан;
м) қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган бўлса, —
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
@jinoyatkodeksi_uz