Пайғамбар алайҳиссалом сўнгги бор ҳаж қилишларида видолашув хутбасини айтдилар. Ўшанда Маккада 124 минг мусулмон тўпланган эди. У зот Қасво деган туяларига миниб, Арафот водийсида мусулмон умматига тарихий васиятларини баён қилганлар. Бу хитоб фақат ўша жойда тўпланган ҳожиларгагина эмас, қиёматга қадар келадиган бутун инсониятга қаратилган. Пайғамбар алайҳиссалом умматга бундай васият қилдилар:
“Эй инсонлар! Сўзларимни диққат билан эшитинг. Билмайман, балки бу санадан кейин сиз билан бу ерда яна бир бор бирга бўлолмасман.
Эй инсонлар! Бу куннинг қандай кун эканини биласизми? Бугун Явмуннаҳрдир (қурбон куни). Бу ойнинг қайси ойлигини биласизми? Бу ой Шаҳри ҳаромдир (муқаддас ой). Бу жойнинг қандай жойлигини биласизми? Бу ер Балдаи харамдир (муқаддас шаҳар). Бу кунингиз қандай муқаддас бўлса, бу ойингиз қандай муқаддас бўлса, бу шаҳрингиз қандай муқаддас бўлса, билингки, жонларингиз, молларингиз ҳам то Аллоҳнинг ҳузурига чиққунга қадар бир-бирларингизга бу муқаддас кун, бу муқаддас ой, бу муборак шаҳар каби муқаддасдир. Буларга қилинган ҳар қандай тажовуз ҳаромдир.
Эй асҳобим! Ҳушингизни йиғиб олинг! Билингки, эртага Аллоҳингизга қовушажаксиз. Бугунги ҳар турли ҳол ва ҳатти-ҳаракатларингиздан албатта сўроққа тутиласиз. Зинҳор-базинҳор мендан кейин эски залолатларга (адашувга) қайтиб, бир-бирларингизнинг бўйнингизга тиғ урманг! Ушбу васиятимни бу ерда бўлганлар бўлмаганларга билдирсин. Балки билдирилган киши бу ерда туриб эшитгандан янада яхшироқ тушунар ва буни муҳофаза этар?!
Эй асҳобим! Эски жоҳилият давридан қолган ҳамма қон даъволари батамом бекор қилинди. Бекор қилганим илк қон даъвоси эса Абдулмутталиб невараси Робианинг қон даъвосидир.
Эй асҳобим! Жоҳилият даврининг ҳар турли рибоси (фоиз, судхўрлик) бекор қилинди. Илк бекор қилганим рибо Абдулмутталиб ўғли Аббоснинг фоизидир. Аллоҳнинг ажри билан бундан кейин судхўрлик тақиқлангандир. Эски даврлардан қолган бу чиркин одатнинг ҳар турлиси оёғим остидадир. Қарздорлар қарз берган кишиларга фақат улардан олган пулнигина тўлайдилар. Зулм ҳам қилманг, зулмга ҳам учраманг!
Эй асҳобим! Кимнинг ёнида бир омонат бўлса, уни эгасига қайтариб берсин. Ҳадяларга ҳадя билан жавоб берилади. Бошқаларга кафил бўлганлар кафолатнинг масъулиятини ўз устига олган ҳисобланади.
Эй инсонлар! Бугун шайтон сизнинг шу юртингизда қайтадан нуфуз ва салтанат қуриш қудратини бундан кейин абадий йўқотган. Бироқ сиз бу бекор қилганларим нарсалардан бошқа, кўзингизга кичик кўринган ишларда шайтонга эргашсангиз, уни севинтирган бўласиз. Динингизни асраш учун булардан ҳам сақланинг!
Эй инсонлар! Хотинларнинг ҳақларига риоя этингиз. Улар билан шафқат, меҳр билан муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан кўрқингиз! Хотинлар сизга Аллоҳнинг омонатидир. Уларни Аллоҳ номига сўз бериб олдингиз, улар амри Илоҳий билан сизга ҳалол бўлди. Сизнинг хотинлар устида ҳақларингиз бўлгани каби, хотинларнинг ҳам сизда ҳақлари бордир. Сизнинг хотинлардаги ҳақларингиз уларнинг оила шарафини сиз ёқтирмайдиган ҳеч бир кимсага оёқ ости қилдирмасликларидир. Хотинларингизнинг ҳар турли емак ва кийим эҳтиёжларини таъминлашингиз эса, уларнинг сизнинг устингиздаги ҳақларидир. Улар сизнинг ҳақларингизга риоя этишлари керак. Сиз ҳам уларга назокат билан муомала этишингиз лозим. Бир хотин эрининг рухсатисиз унинг молидан бирор нарсани бировга бериши ҳалол эмас.
Эй мўминлар! Сўзларимни яхшилаб эшитинг, яхши англаб олинг ва яхши муҳофаза этинг. Шу нарса ҳақиқатки, Роббингиз бирдир. Отангиз бирдир, барчангиз Одамдансиз, Одам (алайҳиссалом) эса, тупроқдандир. Ҳеч кимнинг бошқалардан устунлиги йўқдир. Шараф ва устунлик фақат фазилат биландир. Шуни яхши билингки, мусулмон мусулмоннинг биродаридир, барча мусулмонлар бир-бирларининг биродарларидир. Улар айни (тенг) ҳақларга эгадирлар. Дин биродарингизга оид бўлган ҳар қандай ҳаққа тажовуз этиш, кўнгил ризоси бўлмагунча, бошқа биров учун ҳалол бўлмас. Ҳақсизлик қилманг, ҳақсизликка бўйин ҳам эгманг, одамларнинг ҳақларини еманг! Зинҳор мендан кейин кофирларга ўхшаб бир-бирингиз билан бўғишманг!