34-модда. Ички ишлар органлари ходимларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатлари
Ички ишлар органи ходими давлат органи вакили сифатида иш юритади ва давлат ҳимояси остида бўлади.
Ички ишлар органи ходими хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиққа бўйсунади.
Қонун билан ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким ички ишлар органи ходимининг қонуний фаолиятига аралашиш, ички ишлар органи ходимини қонун билан ички ишлар органлари зиммасига юклатилмаган мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас. Қонунга зидлиги аниқ бўлган буйруқ ёки фармойиш олганда ички ишлар органи ходими уни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга ва қонунга амал қилиши шарт.
Ички ишлар органи ходими ўз иш юритувида бўлган ишлар ва материалларнинг моҳияти ҳақида бирор-бир тушунтириш беришга, шунингдек бундай ишлар ва материалларни, шу жумладан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ишлар ҳамда материалларни танишиб чиқиш учун қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан бошқача тарзда тақдим этишга мажбур эмас.
Ички ишлар органларининг ходимлари ўзига нисбатан қабул қилинган қарорлар ва ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан юқори турувчи мансабдор шахсларга, прокурорга ёки судга белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
@iioqonuni