24-модда. Ўқотар қуролни қўллаш
Ички ишлар органи ходими қуйидаги ҳолларда ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига эга:
фуқароларни ёхуд ўзини ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган, зўрлик ишлатиш билан қилинган ҳужумдан ҳимоя қилишда;
гаровдагиларни озод қилишда;
ўта оғир жиноятни содир этиш чоғида кўриб қолинган ва яширинишга уринаётган шахсни ушлашда, агар бошқа воситалар билан бу шахсни ушлаш имкони бўлмаса;
ички ишлар органларининг ўқотар қуролларини, ўқ-дориларини, портловчи моддаларини, транспорт воситаларини, махсус ва жанговар техникасини эгаллаб олишга бўлган уринишларга чек қўйишда;
фуқароларнинг уй-жойларига, давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қўриқланадиган объектларига, ўта муҳим юкларига, транспорт воситаларига, биноларига гуруҳ бўлиб қилинган ҳужумни ёки қуролли ҳужумни даф этишда;
қуролли қаршилик кўрсатаётган шахсни, шунингдек ёнидаги қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни, портлатиш қурилмаларини, заҳарли ёки радиоактив моддаларни топшириш тўғрисидаги қонуний талабни бажаришни рад этаётган шахсни ушлашда;
жиноят содир этишда гумон қилиниб ушлаб турилган шахсларнинг, ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг қамоқдан қочиб кетишига чек қўйишда, шунингдек ушбу шахсларни куч ишлатиб озод қилишга бўлган уринишларга чек қўйишда;
агар транспорт воситасининг ҳайдовчиси фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий хавф туғдирса ҳамда ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қарамай, тўхташдан бош тортса, ушбу транспорт воситасини шикастлаш йўли билан тўхтатишда;
инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солаётган ҳайвонни зарарсизлантиришда;
қурол ишлатиш нияти ҳақида огоҳлантириш сифатида ўқ отишда, юқорига қарата ёки бошқа хавфсиз йўналишда ўқ отиш орқали хавф-хатар сигнали беришда ёки ёрдамга чақиришда.
Ички ишлар органининг ходими ўқотар қуролни қўллашдан олдин огоҳлантириши шарт, бундан унинг ҳаётига ёки фуқароларнинг ҳаётига бевосита хавф таҳдид солаётган ҳоллар мустасно.
Аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан ўқотар қуролни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли ҳужум қилганлиги, қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.
Ўқотар қурол қўлланилиши натижасида тасодифий шахслар жабрланиши мумкин бўлса, ички ишлар органи ходими кўп фуқаролар тўпланганда уни қўллаш ҳуқуқига эга эмас.
Ички ишлар органлари қуроллантириладиган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дорилари турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Ушбу рўйхатга кирмайдиган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дорилари билан ички ишлар органларини қуроллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.
@iioqonuni