17-модда. Ички ишлар органларининг ҳуқуқлари
Ички ишлар органлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
фуқаролардан қонунчиликка риоя этишни, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни тугатишни талаб қилиш, бу талаблар бажарилмаган тақдирда эса мажбурлов чораларини қўллаш;
ўз хизмат мажбуриятларини амалга ошириш чоғида фуқароларнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларини текшириш, агар уларда қурол, ўқ-дорилар, портловчи, радиоактив ёки заҳарли моддалар, портлатиш қурилмалари, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг прекурсорлари ёхуд муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган бошқа нарсалар бор деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлганда эса, фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказишни, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўрикдан ўтказишни амалга ошириш ҳамда мазкур нарсалар, воситаларни ва моддаларни олиб юриш ҳамда сақлаш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаган тақдирда уларни олиб қўйиш;
агар терговга қадар ва тергов ҳаракатларини, тезкор-қидирув ва қидирув тадбирларини ўтказиш, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, ҳодиса ҳолатларини ҳужжатлаштириш ёки жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик изларини, ҳодиса ҳолатларини сақлаб қолиш учун зарур бўлса, фуқаролардан жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, ҳодиса жойини тарк этишни талаб қилиш;
содир этилаётган жиноятларга чек қўйиш, шунингдек уларни содир этаётган шахсларни таъқиб қилиш ҳамда ушлаш учун, агар бунинг кечиктирилиши фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жамият ва давлат хавфсизлигини таҳдид остига қўйиши мумкин бўлса, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳудудига, турар жойларига ва бошқа биноларига, ер участкаларига, транспорт воситаларига сутканинг исталган вақтида тўсқинликсиз кириш (ошиб тушиш);
фуқароларнинг шахсий хавфсизлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш, уларни содир этган ёки қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда ушлаш мақсадида фуқароларга тегишли бўлган турар жойларда ва бошқа биноларда, уларга қарашли ер участкаларида фуқароларнинг розилиги билан, ташкилотлар жойлашган ҳудудда ва биноларда уларнинг маъмурияти рухсати билан ёки мулкдорнинг розилиги билан бўлиш;
жиноят ишларини тергов қилиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш, жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисалар ҳақидаги аризалар ҳамда хабарларни кўриб чиқиш доирасида давлат органларига ва бошқа ташкилотларга кириш, зарур ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш, шунингдек давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ҳамда фуқаролардан маълумотларни ва бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни сўраш ва олиш;
террорчиликка қарши операция ўтказилаётган зонада жисмоний шахсларни шахсий кўрикдан ўтказишни, улардаги ашёларни, транспорт воситаларини ҳамда олиб ўтилаётган юкларни кўрикдан ўтказишни, шу жумладан назорат қилишнинг техник ва бошқа воситаларини қўллаган ҳолда кўрикдан ўтказишни амалга ошириш;
ички ишлар органлари юритувидаги ишлар ва материаллар бўйича фуқароларни, мансабдор шахсларни ички ишлар органларига чақиртириш, улардан зарур тушунтиришлар, маълумотлар, ҳужжатлар, маълумотномаларни ва уларнинг кўчирма нусхаларини олиш;
фуқароларни уларнинг розилиги билан ҳамкорликка жалб этиш, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органларига ёрдам берган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган фуқароларни тақдирлаш;
ташкилотлар ва фуқаролардан ички ишлар органларининг фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни бепул олиш, бундан қонунчиликда бошқача тартиб белгиланган ҳоллар мустасно;
ҳуқуқбузарликларни, шунингдек уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органларига, бошқа ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга бажарилиши шарт бўлган тақдимномалар киритиш;
жиноятларнинг ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларни фош этиш мақсадида зарур маълумотлар базаларига эга бўлган ахборот тизимларини техник ва махсус воситалардан фойдаланган ҳолда яратиш;