View in Telegram
📝Нью-Йорклик бир таксичи ўз саҳифасига қуйидаги воқеани ёзади: Чақирув бўйича айтилган манзилга етиб келиб, сигнал чалдим. Бир неча дақиқа кутиб турдим. Уйдан ҳеч ким чиқмади. Қайта сигнал чалдим. Бу ўша кунги охирги рейсим бўлганлиги учун кетиб юборишни ҳам ўйладим. Лекин, аксинча, негадир машинадан тушдим-да, уй олдига бориб, эшикни тақиллатдим. «Бир дақиқа» — кекса аёлнинг хирилдоқ овози келди. Товушидан оғир бир нарсани полда судраб тортаётганга ўхшади. Бир оз ўтгач эшик очилди. Қаршимда 90 ёшлардаги кекса аёл турарди. Устида читдан тикилган кўйлак, бошида эса кенг шляпа. Худди 1940-йиллардаги киноқаҳрамонлардек. Олдида унча катта бўлмаган чемодан. Ичкаридан уй анчадан бери ҳеч ким яшамаётганга ўхшарди. Барча мебеллар чойшаб билан ўралган. Деворда биронта ҳам соат ёки безак йўқ. Токчаларда эса битта ҳам идиш кўринмасди. Уйнинг бир бурчагида эса ичи тўла сурат ва шиша идишлар бўлган картон қути ётган эди. — Сумкамни машинагача олиб боришга ёрдам беролмайсизми?-кекса аёлнинг илтимоси ҳаёлимни бузди. Чемоданини машинага жойлагач, қайтиб бордим-да аёлнинг қўлидан тутиб, машинамгача секин-аста келиб олишига ёрдамлашдим. Шу арзимас ёрдамим учун қайта-қайта раҳмат айтди. — Бемалол, хоним,-дедим мен. -Шунчаки йўловчиларимга онамга қандай муомала қилишларини ҳоҳласам, шундай муомалада бўламан. — Эҳ, қандай яхши фарзанд экансиз-а,-деб қўйди аёл. Машинага ўтиргач, бормоқчи бўлган манзилини айтди ва қўшиб қўйди: — Шаҳар маркази бўйлаб кетсак бўладими? -Майли-ю, лекин бу қисқа йўл эмас-ку?-жавоб бердим мен. -Шошаётганим йўқ,-деди аёл.-Хосписга кетяпман барибир. (Хоспис — давосиз касалликнинг сўнгги босқичини бошидан кечираётганлар парваришланадиган махсус жой) Ойнадан у аёлга бир қараб қўйдим. Нурли кўзлари ёниб турганди. — Оилам аллақачон кетиб бўлган,-босиқлик билан давом этди аёл.-Врачнинг айтишича, менинг ҳам саноқли кунларим қолган. Кекса хонимнинг бу гапидан кейин таксидаги ҳисоблагични ўчириб қўйдим. — Қаерга десангиз, ўша ерга борамиз! Кейинги 2 соат давомида шаҳар кездик. Йўлда у бир пайтлар лифт ходими бўлиб ишлаган бинони кўрсатди. Кейин эса вафот этган хўжайини билан ёшлигида бирга яшаган туманни айландик. Шунингдек, ҳали ёш қизалоқ пайтлари рақс билан шуғулланган, ҳозир эса мебел омборхонасига айланган жойни кўрсатди. Баъзида бирор бино ёки торкўча қаршисида тўхтатарди-да, ҳеч нарса демасдан ўша жойга тикилиб ҳаёл суриб қоларди. Сўнгра бирданига: — Чарчадим, кетдик,-дерди. Ва ниҳоят, айтилган манзилга етиб келдик. Бу пастаккина, санаторияга ўхшаш бир бино эди. Икки санитар олдимизга келди ва аёлнинг машинадан тушишига кўмаклашишди. Менимча, аёлни кутиб туришган бўлса керак олдиндан. Юкхонани очиб, аёлнинг кичкина чемоданини олдим. Кекса хоним аллақачон ногиронлар аравачасига ўтириб олганди. — Неча пул беришим керак,- сўради аёл ҳамёнини очиб. — Ҳеч қанча,-дедим мен. — Ахир, бу тирикчилингиз-ку?! — Бошқа йўловчилар ҳам кўп. Кейин эса ўйлаб ҳам ўтирмасдан, эгилдим-да, уни бағримга босдим. У ҳам мени қаттиқ қучиб қуйди. — Сен мендек қари аёлга оз бўлса-да хурсандчилик улашдинг,-деди онахон.- Чин юракдан миннатдорман. Унинг қўлини сиқиб қўйдим ва машинамга қайтдим… Орқамдан эса эшик ёпилгани эшитилди. Бу яна бир ҳаёт китобининг ёпилиши эди. Қайтишда бошқа йўловчи олмадим. Бошим оққан томонга ҳайдаб кетавердим. Кун бўйи ўй-ҳаёлларим билан банд бўлдим. Деярли гапирмадим ҳам. Агар ўша аёлга асабийроқ ё бесабрроқ ҳайдовчи учраганда нима бўларди? Ёки бўлмаса, мен ҳам бир-икки сигнал чалиб, жавоб бўлмагач кетиб юборганимда-чи? Сўзим охирида айтмоқчиман-ки, эҳтимол, шу қилган ишимдан кўра муҳимроқ бирор иш қилмагандирман ҳаётимда. Кўпчилигимиз, ҳали буюк ишлар қиламан, деб кутиб яшашга одатланганмиз. Лекин аслида, буюк ишлар ўзимиз кутмаганда вақтда, атрофдагиларга арзимас бўлиб кўринган нарсаларда рўй беради. Яхшилик учун яқинларингиз билан баҳам кўринг!
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily