50
— Ойи, — Аброр қўлидагиларни стол устига олиб келиб қўяркан, — биламан мен учун қўлингиздан келган ҳаммасини қилдингиз. Ота ўрнида ота, ака ўрнида ака, опа ўрнида опа бўлдингиз. Бир ўзингиз бутун борлиғимни меҳр-муҳаббат билан ўрадингиз. Сиз учун нима қилсам ҳам кам. Лекин ойи илтимос мени ҳам бир марта тингланг. Ҳеч йўқ бир марта қалбимга қулоқ солинг. Ахир мен уни севаман. Ҳаётимни қолган қисмида у ёнимда бўлишини, сизнинг келингиз, фарзандларим онаси бўлишини истайман.
— Сени тушунаман ўғлим, — Каромат опа ўғлининг ёнига келди, — лекин сен ҳам мени тушун. Нима қилсам ҳам сени бахтинг, келажакинг учун қиламан. Сабиҳа жуда яхши қиз. Тарбияли, ҳаёли. Қўли гул пазанда. Бичиш-тикишни ҳам эплайди.
— Ойи лекин...
— Лекин-пекини йўқ, — яхши гап билан ўғлига гап тушунтира олмаган Каромат опанинг қошлари чимирилди, — эртага учрашув, индинга бориб нон синдириб келамиз.
— Шу пайтгача гапингизни икки қилмадим. Лекин бу сафар ўз бахтим ва севгим учун курашаман. Тўғри хафа бўларсиз, юзимни ҳам кўргингиз келмас, аммо, кейинчалик бахтли эканлигимни кўриб мен тўғри қилганимни тушунасиз.
— Икки дунёда ҳам ўша алвастини келин қилмайман. Эркак кишига кўз сузиб, бошини айлантириб олган суюқ оёқ бу остонамни хатлаб, харом қилишига йўл қўймайман. Агар ўша мегажинни дейдиган бўлсанг, сендек ўғлим йўқ. Берган сутимга рози бўлмайман. Оқ қиламан сени, — Каромат опа жазавага тушгандек баланд овозда тез-тез гапириб ташлади.
— Бўлдими? — Аброр ойисидан кўзларини олиб қочганча сўради.
— Бўлдими? — унинг бу саволи Каромат опани баттар тутоқтириб юборди, — мен шунча гап гапирсаму, бу кишим кўзларини лўқ қилиб бўлдими дейди? Қандай кунларга қолдим? — кўксига бир уриб йиғлай бошлади, — ўз ўғлим битта суюқоёқни деб юзимга тиқ қарасая.
— Ойи...
— Ойи дема, ойи дема мени, — Аброрни итариб хонаси томонга кетаркан, — мени сендек ўғлим йўқ. Токи фикрингдан қайтмас экансан, сени ойинг йўқ. Ўлган сени ойинг, — деганча хонасига кириб, эшикни қарсиллатиб ёпди.