✉️ Дадажон!
Мен Сизни жуда соғиндим.
Соғиндим иккала кўзим билан тенг.
Келиб қолармишсиз эртами-индин,
Аям шундай деди,
Ростми шу, айтинг?!
Дада,
У кун Сизни тушимда кўрдим,
Оқ отда келдингиз,
Сўрадингиз сув.
Мен буни аямга гапириб бердим.
Даданг келади, деб айтди,
Ростми шу?
Рустамнинг акаси урушдан қайтди,
Қўлтиқтаёғи бор,
Бир оёғи йўқ,
Рустам айтиб берди:
Атака пайти
Тиззасидан олиб кетган эмиш ўқ...
Хол ака қайтганди уйга тўсатдан,
Ўғли, дадажон, деб чопиб келибди.
Ота қучай деса қўли йўқ экан,
Тик турган жойида йиғлайверибди.
Дарсга келмай қолди
Тунов кун Талъат,
Муаллим уришса тураверди жим.
Дадасидан келган экан қорахат:
Ҳаммамиз йиғладик,
Ҳатто муаллим...
Дадажон!
Сизга ўқ тегмасин ҳечам,
Мен учун ҳам тезроқ қайтинг саломат,
Бувим айтган,
Агар мен тилак қилсам,
Тилагим бўлармиш доим ижобат.
Рост айтаман,
Сизни жуда соғиндим,
Соғиндим иккала кўзим билан тенг,
Келиб қоласизми, эртами-индин?
Кутаман,
Дадажон,
албатта келинг...
✍ Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг "Нидо" достонидан.
👇👇👇
🌐 www.facebook.com/evohidov
🌐https://t.center/erkinvohidovijodi
🌐 www.erkinvohidov.com