💫 ҚИЛУРМАН ТАВБАЛАР
Қилурман тавбалар, гарчи
Тазаррулик гуноҳим йўқ.
Гуноҳим йўқлигига лек,
Нетай, исбот, гувоҳим йўқ.
Эшитмас эл фиғонимни,
Келар олмоққа жонимни,
Олурга лек ёнимни
Менинг бир хайрихоҳим йўқ.
На сўз дерман очиб оғиз,
Забонсиз, кимсасиз, ёлғиз –
Келиб чўкдим қошингда тиз
Бўлак сендин паноҳим йўқ.
Ишончинг – менга ризқу рўз
Забун ҳолимга солгин кўз,
Тўкарга ёш, деярга сўз
Ҳам оҳ тортарга оҳим йўқ.
Бу бандангда хатолик бор,
Хатолик – жон фидолик бор,
Шу боис кўп жудолик бор,
Гадолик бору жоҳим йўқ.
Қаро қошингга бўлмай зор,
Қорайгувчи не шомим бор?
Юзинг ёд этмайин зинҳор
Оқаргувчи сабоҳим йўқ.
Бу сарсон йўлда беҳамроҳ,
Тополмам манзили дилхоҳ,
Муҳаббатдан бўлак, биллоҳ,
Илоҳим, саждагоҳим йўқ.
Бу оламдан узиб кўнгил,
Ёниб кетсам, вужудим кул,
Унар ишқ боғида бир гул
Бу кулдан, иштибоҳим йўқ.
✍ Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1991 йил
👇👇👇
🌐 www.facebook.com/evohidov
🌐https://t.center/erkinvohidovijodi
🌐 www.erkinvohidov.com