🌓 САЛБИЙ ҲАЯЖОН
Бунча ҳам ярашиқ оқ халатингиз,
Опажон дейинми ёки аяжон.
Бул ажаб тил билан ширин айтдингиз:
– Сизга мумкин эмас салбий ҳаяжон.
Ажабо, қидирса бутун дунёни,
Топилар эканми шундай бир одам –
Ярашса юзига ғазаб туғёни,
Ёқса юрагига андуҳ билан ғам.
Не илож, биздамас ихтиёр, бироқ
Нур ва соялардан баҳс қилмоқ абас.
Қўшиб бир кафт ҳасад ва бир кафт нифоқ,
Одамзод лойини қорган биз эмас.
Биз эмас, бу дунё яралган вақтда
Ғишт қўйган вафосиз, бемеҳр, ёлғон.
Хиёнат зарби у – бизнинг луғатда,
Сизнинг тилда эса – салбий ҳаяжон.
Ғийбатдир, бўҳтондир, шубҳадир, киндир,
Балоким, қўл силтаб кетмоқ муаммо.
Инфарктдан югуриб қочмоқ мумкиндир,
Ўзимиздан қайга қочурмиз аммо?
Ҳаёт устозидан ёлбориб сўраб,
Асрлар ўргандик дунё ҳикматин:
Ўргандик андиша пўстига ўраб
Аламни оғудек ютмоқ санъатин.
Гоҳ хаёл қиламан, таскин бор дилда,
Пушкин бу дунёдан кетди беармон.
Агар ўлмаганда шоир дуэлда,
Уни ўлдирарди салбий ҳаяжон.
Ўйлайман гоҳида, ўшал машъум кун
Маҳмуднинг дорида сўнмаса жони,
Салбий ҳаяжондан борлиққа бутун
Тирқираб кетарди Машрабнинг қони.
Ҳар инсон зотида ўзга бир матлаб,
Ҳар инсон зотида ўзгача қисмат.
Мендан ҳар нарсани қилингу талаб,
Кўру кар бўлмоқни сўраманг фақат.
Ахир, бизга азал орзу – яратмак
Ўзга бир жаҳону, ўзга бир инсон.
Ҳаяжон чекармиз, токи келажак –
Билмасин, нимадир салбий ҳаяжон.
✍ Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1982 йил
👇👇👇
🌐 www.facebook.com/evohidov
🌐https://t.center/erkinvohidovijodi
🌐 www.erkinvohidov.com