View in Telegram
*** Қатор-қатор, қатор-қатор, қатор-қатор, Саф-саф бўлиб, саф-саф бўлиб, саф-саф бўлиб, Афгор-афгор, афгор-афгор, афгор-афгор, Йўқ-йўқ бўлиб, даф-даф бўлиб, ҳайф-ҳайф бўлиб – Одамизод бу дунёдан ўтиб борар. Навбат билан тизилганлар, тизилганлар Эзганлару эзмаганлар, эзилганлар; “Худо” деган; тангрини бир сезмаганлар – Одамизод бу дунёдан ўтиб борар. Югургилаб, бир-бир босиб, ўйнаб-ўйнаб, Бу дунёнинг ёлғонидан сўйлаб-сўйлаб, Гоҳ қорнини, гоҳ қадрини ўйлаб-ўйлаб – Одамизод бу дунёдан ўтиб борар. Давлатманду хору зорлар, бечоралар, Дили буту, дили йўғу, дилпоралар, Ҳукмфармо пошшоҳлару фуқаролар – Одамизод бу дунёдан ўтиб борар... Бу қаро ер ютмоқликдан толмагайдир, Ўлим асло ўз касбидан тонмагайдир, Во дариғо! Бир кас мангу қолмагайдир – Одамизод бу дунёдан ўтиб борар. Қарайману юрагимда тугар бардош, Қандай қилиб сизни асрай қон-қариндош? Кўзимда ёш, кўнглимда ёш, сўзимда ёш – Одамизод бу дунёдан ўтиб борар. Лаънат айтиб, лаънат айтиб, лаънат айтиб, Раҳмат айтиб, раҳмат айтиб, раҳмат айтиб, Сукут айтиб, нола айтиб – ғоят айтиб – Одамизод бу дунёдан ўтиб борар. Қатор-қатор, қатор-қатор, қатор-қатор, Афгор-афгор, афгор-афгор, афгор-афгор, Кўз ёш каби тизилишиб, тизилишиб, Ингичка ип – бул Ҳаётдан узилишиб... – Одамизод, одамизод ўтиб борар. Биродарим, “баландман” деб этма ғурбат, Мен – дил бўлдим; сен, ҳеч қурса, бўлгин суҳбат, Мен ҳам турбат, сен ҳам турбат – келса навбат – Одамизод, одамизод ўтиб борар. Усмон Азим https://t.center/dilgamaktublar
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily