Бугун адабиёт билан нафас олиб, умрини бағишлаётган шоир Шодмонқул Салом ва носир Боборавшан Ғозиддинов туғилган кун. Биз иккала ижодкор билан ҳам фахрланамиз!
Шодмонқул САЛОМ
Шоирга
Қўлларинг бунча совуқ,
Бир лаҳза тинасанми?
Дунё – бир тоғора чўғ,
Шунга исинасанми?
Липиллаб ўчиб борар,
Кўксимга кўчиб борар,
Тўнғиб қолган оламда
Сўнгги бор ёнасанми?
Эй, дўст, бошингни тик тут,
Сотилмасни сотмагин.
Бедиллар кемасида
У соҳилга кетмагин.
Яшаш ҳам зўр иш эмас,
Қаҳрамонликмас ўлим,
Кўп қатори бўлдингми,
Шунга қувонасанми?
Чумолининг инидан
Дон ўғирлаб бой бўлган.
Сенинг гулдай кўнглингга
Кир қўллари узалган.
Қуёшга тил чиқариб,
Шамолни шалоқ қилган,
Кўп худоли касларни
Қайғуриб ёнасанми?
Танишинг йўқми Марсда,
Қуёшга йўқми улов?
Муз нигоҳлар тафтидан
Кўксимга кетган олов.
Қанотинг борлигини
Сезгани йўқми биров.
Ўзинг ҳам билмагайсан,
Билмоқни истамайсан,
Истамоқни билмайсан,
Ёлғонми, тонасанми?
Менинг оёғим толди,
Куйиб битди қанотим.
Юрак деворларига
Урилиб қайтар додим.
Суваракка шеър айтиб
Тугаб борар саботим.
Яшаш дегани шуми,
Наҳот шуми ҳаётим?!
Ўлмай туриб ўлишга
Наҳотки кўнасанми?
Арзимади бу дунё,
Билганимда келмасдим.
Уйқу дори бер, Худо,
То руҳим уйғонмасин.
Елкамдаги кўзларим
Ловуллаб бораётир.
Ёндим ўчолмаяпман,
Куйдим, ишонасанми?
Юрак деган тулпорда
Жиловни узиб келдим.
Майхона! Хўжанг қани?
Аҳдимни бузиб келдим.
Доғулилар даврасин
Кўзин шамғалат этиб,
Қўлим муз, ўзим эса
Ўт бўлиб қизиб келдим.
Тангрим, қарамай тургил,
Шуни ичиб юборай,
Пули Сиротда тойсам,
Ушлаб қололасанми?
Дунёнг ўчиб қолган чўғ,
Шунга ишонасанми?!
Telegram |
Facebook |
Instagram|
YouTube