АВТОБУСГА ЎТИРСАНГУ КЕТСАНГ,
Ҳаммасидан, ҳаммадан кетсанг.
Йўл белгилар, дарахтлар, уйлар
Ортда қолиб дам-бадам кетсанг.
Кетсанг уфқ этагин тутиб,
(Чарчаб кетдинг ичингга ютиб).
Кечагина остонанг ўпиб
Келганлари шумқадам, кетсанг.
Шеърга солдинг, қўшиққа солдинг,
Дардинг ўраб урчуққа солдинг.
Худо шоҳид, тушуниб қолдинг,
Тушунмади бир одам, кетсанг.
Улар кетмас, улар уй қурган,
Сотиб олган қўй, эчки, улоқ.
Орзулари гуллаб улгурган,
Умидлари чиқарган қулоқ.
Улар дунё ташвишларини
Чайнайдилар узоқдан узоқ.
Улар йиртиқ ковушларини
Авайлайди ўзидан кўпроқ.
Ва бахт деган сариқ қушларга
Ясаганлар умридан тузоқ.
Тузоғига қайғу илинди,
Бахтни тута олмади бироқ…
Кет, эй бадбахт, бахтиқаро кет,
Фусункор бу борлиқ аро кет.
Сингиб кетгин ой шуъласига,
Букиб кетгин ёмғирлар-о, кет.
Туман тушган ерларга кетгин,
Қушлар учган ерларга кетгин.
Ўйламай кет, афсус туймай кет,
Кўзинг тушган ерларга кетгин.
Муҳими кет,
Солма пайсалга,
Жон кирар деб кутма ҳайкалга,
Қулун меҳр қўйган пайкарга,
Қадам етмас чўққиларга кет.
Шу кунгача сендан кетдилар,
Бири мамнун, бири хафақон.
Шу кунгача сени сотдилар,
Бири текин, бошқаси арзон.
Шу кунгача сени сўйдилар,
Бири пичоқ, бири пичоқсиз,
Ўзгасига кўнгил қўйдилар,
Бири қучоқ, бири қучоқсиз.
Тамом, ортга қарама ортиқ,
Ўт боласи самандардай кет.
Шоирдай кет,
Шоирдай яша,
Бўза қучган қаландардай кет!
Автобусга ўтирсангу кетсанг,
Ҳаммасидан, ҳаммадан кетсанг.
Кийикларнинг тумшуғи теккан
Булоқлардан бир бор сув ичсанг.
Хўп ингратди боғлаб бешикка,
Маҳтал қилди чорлаб эшикка.
Қўлинг силтаб катта-кичикка,
Кишанларни ечсангу кетсанг.
Руҳ жисмингдан кечмасдан аввал,
Ҳаммасидан кечсангу кетсанг!
Бек АЛИ
2024 йил. Ноябрь.
Telegram |
Facebook |
Instagram|
YouTube