View in Telegram
​​КЕЧИРИНГ Одамлар, кечиринг! Мен жавҳари ғам, Ҳалиям кетмадим қаторингиздан. Яна тонг ёришди, яна юз ювилди, Яна афсус билан эсланди кеча. Нима қилиб қўйдим, кимни ранжитдим, Бепарда сўкиндим қайси густохга. Кулдон улоқтирдим, шеър айтган пайтим Мазах кўзларини тиккан аҳмоққа Ва шартта пальтомни олдиму қўлга Ўзимча тарк этдим инсониятни… Қор ўйнаб ёғарди оқарган йўлга, Ногоҳ егим келди шу табиатни. Кошки табиатдек тортсам хотиржам, Ҳар баҳор гулламоқ бўлсайди майлим. Сўзла эй табиат – сўзла онажон, Нечун одамман мен, нимадир айбим? Кечиринг одамлар, Кечиринг бошлиқ, Бугун боролмайман ишхонамизга. Биламан, ҳалиям қиляпман ёшлик, «Ношуд» деб ёзилган пешонамизга. Лекин беш ёшимда Эшонқул чолнинг Нақ ўзи дердилар, мижғов ва инжиқ. Тинимсиз тагини курардим молнинг, Сассиқ эди олам, жудаям сассиқ. Нафрат билан боқиб она овулга Дердим, «бу ерлардан кетмоғим тайин!». Ва бугун ўзимни ололмай қўлга Тонг саҳардан ароқ ичдим молдайин. Кечиринг одамлар, Кечиринг ота! Ҳалиям ёзяпман қофияли сўз. Шеърларим чиқмоқда гоҳ матбуотда, Гоҳ расвом чиқмоқда, отажон, афсус. Тўғри айтгандингиз, «Эркак бўл болам! Шеър айтиб одамлар вақтини олма». Отажон ўзингиз айтинг, Худонинг Шеърдан ҳам ширинроқ неъмати борми? Қишлоқни узоқдан соғинмоқ мазза, Эсселар ёзаман у ҳақда пурғам. Кўз олдимдан ўтар беғубор мастлар, Дароз бўй, келишган, мўлабли бўлам. Мана, ташлади-ю жўнади у ҳам (Ногоҳ бандаликни келтирди бажо). Соғиниб қовушди она Ер билан, Руҳи бўлиб кетди табиатга жо! Буларни ёзмасам бўларми, ота? Ҳамма ўтаверса қуруқ гап сотиб. Ҳамма топганини инига тортса, Ҳамма кетмон урса терига ботиб. Келажак авлодга ким берар улги, Ким бола-бақрага айтар ривоят. Шусиз ҳам қоринни иширди кулги, Шусиз ҳам дунёни қупди жиноят! Одамлар кечиринг, Кечиринг она, О, менинг қабоғи куйган сағирим. Бу тупроқ одамга тўймади яна, Ота-онангни ҳам олди чақириб. Кейин жаннат бўшаб қолган баҳона Бўйдоқ болангни ҳам олди чақириб. Сиз эса адойи тамом бўлдингиз, Чақириб-чақириб, чақириб-чақириб, Шамол олиб кетди чақириқларни, Шамол олиб келди чақириқларни, Шамол маҳшаргача бу чақириқни Кўтариб дарбадар кезади она… Кечирманг онажон, Мени кечирманг, Бу ёлғон бозорда пойи-патакман. Маст бўлиб, онасин йиғлатадурғон, Худойимдан қайтган қандай ўзбакман?! Кечирманг онажон, Мени кечирманг, Кечириш одамни эзади, она! Кечиринг одамлар, Кечиринг болалар, Уйидан безган бу маҳлуқни кечир, «Мени севинг!» дея ялинма онаси, Кечдир, энди бундай гапларга кечдир. Индама, таъзирин есин бу довдир, Эшигингни очма, борсин, йўқолсин. Шоир – оилага энг катта ёвдир, Бир сатрича севмас у ўз боласин. Сурбет, одамларга сўзлаб меҳрдан, Кўчада шодланиб уради қаҳ-қаҳ, Сенга эса дўлдай ташланиб бирдан, Башарангни бежаб қўяди, аблаҳ. Йиғлама, йиғлама, сатқайи одам, Мунчоқдай болалар бу ҳайвонга ҳайф. Шуям шоирми-а? Шуям одамми? Тўрт қатор шеър ёзиб, ярим тунгача, Шишага дил ёриб кайф қилади, кайф. Кечиринг болалар, Кечир онаси, Кўнглимнинг калитин қидириб толма. Бир бор севар экан одам боласи, Лекин эришмоқ йўқ, хавотир олма! Кечиринг одамлар, Кечир севгилим, Гул бўлсанг севдиму, узмай жўнадим. Сенда қолиб кетди икки хаёлим, Чеҳрангдан кўзимни узмай жўнадим. Оқизмай-томизмай ёзарман бот-бот, Сени бунча гўзал чизди деб, Худо. Ғунчадай лабларни қилгин эҳтиёт, Сен билмайсан жоним, улар бебаҳо. О, сенинг ёнингда мушукдай ювош Тортиб, қучоғингга киришимни кўр. Ишонма, шоирга асло ишонма, Шердай қутуради гоҳ бу ер ютгур. Йўқ, йўқ! Менинг асли жавҳарим ғамгин, Қишлоқ уйларидек турибди нураб. Тирамоҳ кечаси тортганда салқин, Иштонни ҳуллайди у совуқсираб. Нимадир чизади, нимадир ёзади, Синфдошларига бўлади кулги. Туни билан мол боқиб бола бечора, Куни билан дарсда ўтирар мулгиб. Мана шу мен! Бошқа туҳматларни ололмайман тан. Севгилим, севгилим, мени асрагин, Диндан чиқаргувчи ғазабларимдан! Булар кечирмаслар, Сен кечир Худо, Ўзинг биласанку, калваши торман. Далада бузоқни чопонга ўраб, Ўзи музлаб қолган бир чорвадорман. Даллиман, жинниман, тушунмасман ҳеч, Нимадан безганман, нимага зорман. Художон шу сафар гуноҳимдан кеч, Ўлиб ўлолмадим, мен айбдорман! Бек АЛИ https://t.center/bek_ali_ijodi
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily