– Нима демоқчисан ўзи, ҳамма ҳайвонларга кунчилик қиласан? Одамдан бошқа ҳаммаси ҳайвон! Нима хусуматинг бўлса, бориб ўзига айт, мутасадди эмасман сенга. Қара, “Эшакнинг меҳнати ҳалол, гўшти ҳаром” эмиш, ейишмаса, гўштимни нимага ёмонлашади, дейсан. А бу, одамнинг меҳнатини қадрлаш ҳақида бир ҳикмат бўлса! “Эшак эти ғўшт бўлмас, савдогар ҳеч дўст бўлмас” деб, этимни ноинсоф савдогарларга муқояса қилиш адолатсизлик дейсан яна. Йўқ ердан ўзингни хафа қиляпсан. Сенга биров дўст бўл деяптими? Очиғи, мен ҳам сенга болалигимда дўст деб қарамаганман, азоб ҳам берганман. Лекин баҳорикордан уч қанор сомонни сен турганда ўзим кўтариб келмайман-ку. Майли, ўша кунларни олиб келганинг, бари бир, яхши, аммо у пайтлари ҳикмат нималигини мен ҳам билмаганман. Қўлимдаги қирмизи луғат ўша пайтлари чиққан, босилган йили мана, эллик тўққиз, ўтган асрнинг эллик тўққизи. Ҳозир ҳам ўқиб, сени кўп ноўрин мисол қилганларини кўряпман. Масалан, “Эшакни бетамизлигидан эшак дейдилар” деб ёзилган, тавба, эшакнинг тамизлигию бетамизи бўладими, мен ҳам фарқига бормайман. Энди, бу мақолларнинг барини отам замонида, эшак кўп пайти олдингилар айтган, уларга ҳам неча аср бурун ўтиб кетганлардан қолган, энди топиб бориб, ўзларидан нимага бунақа дегансизлар, деб сўрашнинг сира-сира иложи йўқ. Қайси ҳайвоннинг ҳайвон ё ҳайвон эмаслиги масаласини қўзғашга келсак, сен шу ғалвани кўзлаб турибсан шекилли, бу ҳам сира керак эмас. Ҳаммаси ҳам ўз ўрни, ўз жойи, ўз аъмолига кўра яшаб юрибди ҳайвонлигини қилиб. Шунинг учун қўй бу қитмирликларни, – дедим, узоқ гапирдим, силтаб ташласам ҳам инсофдан эмас.
Сиз ҳам луғатни бир варақлаб кўринг, эшак ҳақида ростдан ҳам мисол кўп. “Эшак минганнинг оёғи тинмас, икки хотинликнинг – қулоғи” деган гапнинг унга нима алоқаси бор, минган одам устингда иккита оёғини осилтириб юришини айтмаса, аниқ боғланадиган мантиқ йўқ....
Аҳмад Аъзамнинг "Қуроқ" қиссасидан парча.
Қиссадаги ушбу парчадан аёнки, Аҳмад Аъзам бадиий асарлари қаҳрамонларининг сўзларида ҳам ўзбек лингвистикасини таҳлил қилиш, ўрганиш ва ўргатишни мақсад қилган.
Қиссани ҳаволага кириб ўқинг👇👇👇
https://teletype.in/@ijod/evISFelVfyR