View in Telegram
Абдулла Орипов МЕҲРУ ОҚИБАТ ҲАҚИДА БАЛЛАДА Дема кўтарилди меҳру оқибат, Биргина чора бор бундай чоғ фақат. Токи танангда жон, оғзингда сўзинг, Энди хабар олгин ўзингдан ўзинг. Хотин нонуштага олиб кирса чой, Ўзингни таклиф қил: — Ич, фалончибой! Тонгда ишхонангга қўйсанг гар қадам, Жумладан, салом бер ўз-ўзингга ҳам. Илгакка палтонгни ҳурмат билан ос, Кўрсат ўзингга ҳам садоқат, ихлос. Одатда бир кимса ишга бўлар ғов, Ҳайфсан эълон қилгин ўзингга дарров. Балки йўл оларсан узоқ сафарга, Йироқ қишлоққами, олис шаҳарга, Ҳол сўраб дадангдан, туққан онангдан, Ўзингга мактуб ёз борган жойингдан. Дема, кўтарилди меҳру оқибат, Бунинг чораси бор, изла, топ фақат. Туғилган кунингни балки биларсан, Ўзингга нимадир совға қиларсан. Ногоҳ тушиб қолсанг касалхонага, Кўз тиккил на дўсту на бегонага. Яхшиси, ўғлингга тезликда сим қоқ, Дегил: Келмасанг гар, оқ қиламан, оқ! Магар шоир бўлсанг ғазал ёз, ёз фард, Лекин топилмайди ўқийдиган мард. Ижро эт шеърингни ўзинг баралла, Дегил: қотирибман, уҳ, баракалла! Набиранг кўнглига изласанг калит, Бир жуфт чақич беру ўзингни танит. Улфат изламагин кўча юзидан, Ҳозир ҳамма кетган пулнинг изидан. Ниҳоят қартайиб, ҳориб толгайсан, Барча ташаббусни қўлга олгайсан. Бир кун трамвайга чиқсанг ҳойнаҳой, Сенга бирор кимса бўшатмагай жой. Холи ўриндиққа тушса гар кўзинг, Ўтиринг, домла! — де ўзингга ўзинг. Кимлардир тортмасин, ташвиш, жабрингни, Албатта, қаздириб қўйгин қабрингни. Бир жуфт сўз ўйдиргин мармар тошга ҳам: "Бу ерда ётибди Энг Яхши Одам!" Ахир тиригингда йўқлашмади, бас, Ўлганингдан сўнг ҳам ҳеч ким эсламас. Хуллас, йўқолмагай меҳру оқибат, Бунинг чорасини изла, топ фақат. ✍🏻1994 @abdullaorifijodi
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily