View in Telegram
#ИККИ_ОЛАМ_ОРАСИДА Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги) 8.НАФИСА Беихтиёр Омирнинг қулоғига алла ҳиргойиси эшитилди: - Той ичидан танлаб олган йўрға жийроним, алла... - Гул ичидан танлаб олган сада райҳоним алла... Алла-ё, алла... Алла-ё, алла... Омир алла қўшиғини эшитиб сергакланди. Қўшиқ девор ортидан келар ва жуда маҳзун эди. Омир беихтиёр қўшни палатага девор орқали "сизиб" кирди. У қўшиқни сел бўлиб тинглаб ўтирган Шарофат опага кўзи тушди: - Хола... Холажооон,- шивирлади Омир чап томонда алла айтаётган йигирма саккиз ёшлардаги чиройли аёлга ишора қилиб,- нима учун бу аёл алла айтаяпти? Шарофат опа синиқ жилмайди: - Бу жувоннинг исми Нафиса. У саккиз йил деганда фарзанд кўрган . Фарзанди ширингина қизалоқ. Нафиса қизалоғини дунёга келтиргандан сўнг тўсатдан қон босими ошиб кетган. Шифокорлар эса туғруқ нормал кечгани учун ҳотиржам бўлишган. Улар Нафисани туғруқдан сўнг ором олсин деб бироз вақт туғруқ столида ёлғиз қолдиришган экан. Нафиса эса қон босими кескин кўтарилганига ўзини билмай столдан тушиб кетган ва комага тушиб қолган. Эри Нафисани беҳад яхши кўрар экан. Шу сабабли аёлини бу аҳволга тушганига янги туғилган гўдагини айбдор санаб ундан хабар олмаётган экан. Нафисанинг руҳи шунинг учун жон ҳалак бўлмоқда. У қизалоғи безовта бўлганда ана шундай алла айтгани айтган. - Бечора аёл...- Нафисага тикилди Омир,- қани қўлимдан келса-ю, унга ёрдам бера олсам. Эрига унинг қилиғи туфайли аёлининг руҳи эзилаётгани тушунтира олсам... Шарофат опа эшикка ишора қилди: - Унинг эри бу ерга бир кунда уч марта келяпти. Нафисанинг комага тушганига эса бир хафта бўлди,- у шундай деб ўрнидан кўтарилди,- юр-чи, унинг эри балки аллақачон эшик ортидадир? Омир Шарофат опага эргашиб даҳлизга ўтди. - Ҳув анави йигит Нафисанинг эри,- Шарофат опа узун даҳлизда бошини қўллари орасига чангаллаб олган чиройли йигитга ишора қилди. Омир унга кўзи тушгани ҳамоно зумда унинг ёнида ҳозир бўлди. - Ака, бунақамасда,- деди Омир куюнчаклик билан,- нега қизингизга қарамаяпсиз, аҳир бу ерда келинойининг руҳлари азоб чекяпти. - Улар барибир сизни эшитмайдилар. Омир бошини кўтариб қаршисида турган Нафисага кўзи тушди. - Улар хатто мени эшитмаяпдилар. Шунча йиллик турмуш ўртоқларини. Мен бунга жуда кўп ҳаракат қилиб кўрдим аммо фойдаси бўлмади. - Нимадир йўли бўлиши керак...- Омирнинг Нафисага астойдил раҳми келганди,- ўша нарсани юрагим сезяпти, аммо аниғини билолмаяпман... - Асад ака, илтимос, мени эшитинг, - эрининг рўпарасига келиб юзини юзига яқинлаштирди Нафиса,- жон Асад ака... Мени эшитинг. Нафисанинг эрида қилт этган ўзгариш бўлмади. Аввал қандай ўтирган бўлса ўша аҳволда ўзгаришсиз ўтираверди - Асад акаааа деяпмааааан! - ўткир ёввойи овоз билан чинқирди аёл. Унинг ҳайқириғидан Омирнинг қулоқлари том битди. Бир зумга теварак-атроф қоп-қоронғи бўлиб кетгандек бўлди.Омир кўзини очганда даҳлизда ўндан ошиқ оппоқ кийимдаги инсонларни Нафисага дард ва изтироб билан тикилиб туришганини кўрди.Омир бу инсонлар ўзлари каби кома ҳолатидаги беморлар эканлигини тезда фаҳмлади. - Фойдаси йўқ,- умидсиз оҳангда изига ўгирилди Нафиса,- болам йиғлаяпти... Қизалоғим безовта бўляпти. Нафиса алла айтганча аста нари кета бошлади: -    Той ичидан танлаб олган йўрға жийроним,  алла...     - Гул ичидан танлаб олган сада райҳоним алла...      Алла-ё,  алла... Алла-ё,  алла... -21- 📌Асарни тўлиқ ўқимоқчи бўлганлар учун таклиф 👇 https://t.center/xazonrezgionlayn/18
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily