Пропан газ сотишга рухсатномаси бўлмаса, нега шу пайтгача ҳеч ким индамаган...?!
Инсайдерларга кўра, Фарғонадаги портлаган заправканинг пропан газ сотиш учун ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, масъул ташкилотлар ҳеч қандай рухсатнома бермаган, заправка эгалари ўзбошимчалик билан пропан газ сотишган экан.
Заправкага алоқадор баъзи кимсалар "Энди ҳаммаси тинчиди, ҳаммани эсидан чиқди" деб ўйлаётган бўлишса, қаттиқ, адашишади!
Савол туғилади:
- Рухсатномаси йўқ бўлса, нега шу вақтгача пропан сотишига йўл қўйиб беришди?
- Рухсатномаси бўлмаса, биржа (база) нега пропан газни берган?
- Ноқонуний фаолият олиб боргани ва портлаш оқибатида бир неча киши вафот этгани сабабли заправка эгаси, таъсисчиси қамалдими? Қамалмаган бўлса, нега?
Қисқаси, саволлар жуда кўп.
Антикорррупция агентлиги ҳам заправка фаолиятини ўрганиб чиқиши лозим. Чунки, юқорида таъкидланганидек, заправканинг фаолияти ноқонуний бўлса-да, назорат қилувчи масъуллар номаълум сабабларга кўра ҳаракатсизлик қилишган.
Масъуллардан, жумладан, ФВВ ва Энергетика вазирлигидан расмий муносабат кутиб қоламиз.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 17 декабрь соат 13:45 ларда Фарғона шаҳар, Янгийўл маҳалласидаги “Petrolium” пропан газ қуйиш шохобчасида 5 м. куб сиғимли контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиқиб, газ моддаси ташқарига сизиб чиқиши оқибатида, портлаш ва ёнғин содир бўлган. Оқибатда бир неча киши вафот этган.