МЕНДАН «МЕН»ГАЧА
Биз ҳар бир нарсадан – ўзимизни ўраб турган борлиқдан тортиб, бизга, ҳаётимизга дахлдор бўлган барча нарсадан ненидир излаймиз. Бу «не»дир асли ўзимиздан ўзга нарса эмас. Худди кўзгуга қарагандай ўзга аксларда ўзимизни кўрамиз, таъсирланамиз, хулоса қиламиз.
Бизни ўраб турган олам бизга кўзгудир.
Бизнинг қаршимизда турган одам бизга кўзгудир.
Ёнимиздан оқиб ўтаётган издиҳом бизга кўзгудир.
Ёнимизда юз бераётган воқеалар бизга кўзгудир.
Биз ўқиётган китоблар бизга кўзгудир.
Биз ўзгадан ва ўзгалардан ўзимизни излаймиз.
Ташлаб кетаётганимиз-ўзимиз.
Бораётганимиз ҳам ўзимиз.
Биз билан хайрлашувчи ҳам ўзимиз, кутиб турган ҳам ўзимиз.
Ўқиганимиз ҳам, ўқитганимиз ҳам ўзимиз.
Биз ўзимиздан қочиб ўзимизга борамиз.
Бизнинг ҳаётимиз, фикримиз ана шу ўзликлар орасида шаклланади, ўзликлар орасида кечади ва сарф бўлади. Биз ботиндан ва зоҳирдан ўзимизни излаб юрамиз. Улар орасидаги масофа жуда яқин ва жуда узоқ, чунки у мендан менгача бўлган бепоёнликни қамраб олади…
Назар Эшонқул
✍
@baxt_va_hayot_maktabi