Мен сени олисдан севиб яшадим,
Дилни айтмоқликка топмадим журъат.
Бетақдир йўлларни тамом ташладим,
Англадим, юракка подшоҳдир қисмат.
Йўқ, ҳеч ҳам керакмас ортиқ сийловлар,
Кўздаги ёшимни артаман ўзим.
Тунги бедорликлар, шеърий қийновлар -
Фақат менга тегиш пинҳона рўзим.
Гоҳо узоқлардан келар овозинг,
Кўриниш бергайсан гоҳо бир лаҳза...
Сен - менинг ҳаётда ёлғиз парвозим,
Сен - менинг қалбимда умрбод ларза.
Сен менинг бетўхтов яралишимсан,
Сенсан - сўзга тушса, ёнган инқироз.
Сен менинг дунёга таралишимсан -
Кераксиз умримдан ортиқ эҳтирос.
Не қилай? Кўмакми? Хўш, нима фойда? -
Осон қилолмагай оғир йўлимни.
Юракни узатмоқ зарурат жойда,
Сен мудом узатдинг нозик қўлингни.
Қара, йиғлаяпман... қайси томонга
Телба хохиш билан қадам ташладим -
Алмашсам бўлурми лаҳзангни жонга?..
Мен сени олисдан севиб яшадим.
Усмон Азим
https://t.center/UsmonAzimijodi