ҚИЁФАДОШ
Тилдан-тилга кўчиб келаётган ёки кўзгу сабаб ривожланиб бораётган, сувларда акс этадиган ва эгизаклар кўринишидаги қиёфадош тушунчаси кўплаб халқларда мавжуд. Бу фикрнинг манбаси сифатида Пифагорнинг “Менинг дўстим – иккинчи “мен”имдир” ёки Платоннинг “Ўзингни англа” сўзларини мисол келтириш мумкин. Германия ва Шотландияда уларни ўлимга олиб борувчи одам сифатида кўришади, яъни у ушлаб олса, қочиб қутулиб бўлмайди. Шунга кўра, ўз-ўзи билан учрашиш ҳам бахтсизликка олиб келади; Роберт Луис Стивенсоннинг трагедияларида мана шу мавзу ёритилган. Шунингдек, Россеттининг ғалати картинасини ҳам эслаймиз: бир жуфт севишганлар шом тушганда ўтлоқда ўз-ўзлари билан учрашадилар. Худди шунга ўхшаш ҳолатларни Готорна, Достоевский ва Альфред де Мюссе асарларида ҳам кўриш мумкин.
Яҳудийлар учун қиёфадошлик ҳолатлари ўлим хабарчиси сифатида кўрилмаган. Аксинча, инсоннинг пайғамбарлик даражасига етганига далил бўлган. Гершом Шолем буни шундай тушунтиради. Талмуд афсонасида Худони излаган ва охир-оқибат ўзини топган одам ҳақида ҳикоя қилинади.
Понинг “Уильям Уилсон” ҳикоясида қиёфадош – қаҳрамоннинг виждони. У уни ўлдиради ва ўзи ҳам ўлади. Иейтс шеърларида қиёфадош – бизнинг зиддиятларимиз, бизнинг душманимиз, бизни тўлдирувчи ва биз бўлмаган, ҳеч қачон бўлолмайдиган нарсалар.
Плутарх юнонлар шоҳ вакилига “бошқа мен” деб лақаб қўйишганини ёзади.
Хорхе Луис Борхес «Фантастик мавжудотлар» китобидан