БАЛИҚ
Балиқ рамз сифатида қушларга қарама-қарши қўйилади. Турли анъаналарда космик кучларнинг мужассами; масалан, япон асотирларига кўра, дунё океани сувларида яшовчи улкан балиқ ернинг таянчи ҳисобланади. Баъзи афсоналарга кўра, балиқ тунда қуёшни ташир эмиш.
Балиқ – серпуштлик, тўкин-сочинлик, ҳосилдорлик, шу билан бирга, совуқлик рамзи ҳамдир. Бошқа томондан қаҳрамонни ютиб юборадиган улкан балиқ ёвуз персонаж ва жаҳаннам тимсоли сифатида намоён бўлади. Балиқ Хитой ва Ҳиндистонда туғилиш рамзи, дафн маросимларининг белгиси. Ал-кимёгарлар эса уни руҳий қайта туғилиш тимсоли сифатида талқин қилади. Кўпгина халқлар маданиятида софлик, Европадаги ўрта асрлар даврида эса маънавий моҳият рамзи бўлган.
Дилрабо Мингбоеванинг "Тимсоллар тилсими" китобидан.