ИЛОН
Илон терисини янгилаши туфайли боқийлик рамзи саналади.
Шарқнинг энг қадимий тамаддунларида илон – донишмандлик тажассуми. Илон тимсолининг ўзгарган шакли аждар (танасининг ярми илон, ярми – қуш) ҳисобланади. Тасаввуф адабиётида эса илон нафсни англатади: “Нафс ҳеч ўлмайдиган бир илондир. Афъо аталмиш заҳарли илон бунга яққол мисол бўла олади. Ушбу илон чопиб ташланса ҳам, боши мажақланса ҳам, тўқмоқланса ҳам ёки териси бутунлай шилиниб олинса, гўшти пиширилса ва ейилса ҳам, бир неча йил ўтгач, унинг терисига қуёш нури тегиши ҳамон ҳаракатлана бошлайди. Нафс худди шундай. Ўлган нафсга ҳаво, шаҳват ва шайтон оташи хуруж этса, дарров жонланиб, ҳаракат эта бошлайди” (Кубро).
Қадимги Бобилда илон тотем ҳайвонлардан бири ҳисобланган. У айёрлик билан бирга донолик, сирлилик, абадийлик ва билим рамзи бўлган. Деярли барча халқлар илон заҳри маълум бир касалликларга шифо бўлади, деб ишонган. Шу сабабдан косасимон идишни ўраб турган илон тимсоли тиббиёт эмблемасига айланган.
Илон хазиналарни қўриқлаган. Ҳинд рожалари ер остидаги хазиналарини қўриқлаши учун кобраларни қўйиб юборишган. Илонлар фақат моддий бойликлар ҳимоячиси эмас, балки маънавий қадриятлар посбони ҳам. Шунинг учун илон бор жойда доим сир бўлади, деб ҳисобланган.
Илон ёвузлик ва ғорат этувчи кучларни жамлайди. У чўлнинг умумий рамзларидан бири сифатида иблис васвасаси ва макр билан қиёсланади.
Муқаддас илон Урей фиръавннинг рамзи бўлган ва шунинг учун ҳукмдорлар бош кийимида илон тасвири бор. Ҳинд рожаларининг ҳам салласи кулча бўлиб ётган илон шаклига эга эди. Бу эса илоннинг ҳокимият, куч-қудрат тимсоли сифатида кенг тарқалганини англатади. Зардўштийликда илон шайтонга тенг мавжудот ҳисобланади.
Қадимги финикияликлар (ғарбий семит халқи)да илон осмон “маъбуд”и Таавтнинг инъикоси ҳамда коинот рамзи ҳисобланган. У ўз думини тишлаётган ҳолатда тасвирланган. Эҳтимол, аввалбошдан у скандинавлардаги Мидгардга ўхшаб коинот илони сифатида тасаввур этилган. Кейинчалик эса мангулик, дунёнинг циклик ривожланиши эмблемасига айланган.
Бургут ва илон олишуви мавзуси кўп афсоналарда учрайди. Бунга қарама-қарши равишда Нитше бургут ва илонни Зардўштнинг ҳайвонлари сифатида тасвирлайди.
Халқ орасида калтакесак эр кишига дўст ва кўмакчи бўлади, илон эркакка душман, аёл билан тили бир, деган гап бор. Эҳтимол, бу фикр илоннинг Момо Ҳаво тили тагига беркиниб, жаннатга киргани, Одам Атони тақиқ мевасини ейишга ундагани ҳақидаги ривоятдан келиб чиққандир.
Дилрабо Мингбоеванинг "Тимсоллар тилсими" китобидан.