📝НОМАҲРАМ БИЛАН СУҲБАТЛАШИШШариатнинг асосий мақсадларидан бири ҳаромга олиб борувчи барча эшикларни тўсмоқликдир. Аёлнинг бегона эркак билан гаплашиши, уларнинг бир бирига хат ёзиши, ўзаро дўстона муносабатда бўлиши агарчи аввалида бу ишни шайтон уларга зийнатлаб, ҳаромдан пок, ёмон ниятда эмаску, деб кўрсатса ҳам, аслида бу ишлар ҳаромга олиб борувчи энг катта воситалар ҳисобланади. Чунки эркак билан аёл ўртасидаги яхши ният билан бошланган қанчадан-қанча муносабатлар аянчли якун топганига гувоҳ бўлганмиз.
Шунинг учун фуқаҳолар аёлнинг бегона эркак билан гаплашишига зарурий ҳожат бўлгандагина рухсат берганлар. Масалан: савдо-сотиқ каби молиявий муомалалар, аёлнинг олим кишидан шаръий масала сўраши ёки аёл олима бўлса, ундан эркак кишининг шаръий масала сўраши ва шу каби эркак билан аёлнинг сўзлашиши зарур бўлган ўринларда рухсат берилган.
Ҳанафий Аллома Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исмоил Тоҳтовий раҳматуллоҳи алайҳ Мароқий ал-фалаҳга ёзган ҳошиясида Абу Аббос ал-Қуртубийдан нақл қилиб қуйидаги матнни келтирган: “Биз зарурат тақозо қилган пайтда бегона эркакларни аёллар билан гаплашишини жоиз деймиз. Лекин овозини кўтариши, гапни чўзиши, майин овозда гапириши ва юзланиб гапиришини жоиз демаймиз. Чунки бунда эркакларнинг уларга моил бўлиши, уларга нисбатан шаҳватнинг уйғониши бордир”.
Моликийлар ибодатлар фиқҳи бобида Расулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи васалламнинг аёллари саҳобалар билан гаплашгани ва саҳобаларнинг улардан дин аҳкомларини ўрганганини далил қилиб номаҳрам билан гаплашишни жоиз дейдилар. Улар бундан илм талабида таълим олиш ва таълим беришнинг жоизлигини олганлар.
Шофеийлардан Имом Ғаззолий зарурат бўлганда номаҳрам билан гаплашиш жоизлигига саҳобалар замонасида аёлларнинг эркаклардан фатво сўрашда, савол сўрашда ва маслаҳат каби нарсаларда гаплашганини далил қилиб келтиради.
Жумҳур тўрт мазҳаб уламоларининг қавлига кўра агар фитнадан омонда бўлинса, аёл кишининг овози аврат ҳисобланмайди. Лекин фитна хавфи бўлса, аёл кишининг овозини эшитиш мумкин эмас. Бунда ҳатто Қуръон тиловати бўлса ҳам мумкин эмасдир.
Суҳбатлашиб туришни ният қилиб бегона аёлни бирор вазифага қабул қилишни уламоларимиз ҳаром деганлар.
Зарурат ўринларда эркак киши билан аёлнинг гаплашиши жоизлигига қуйидаги оят далил бўлади:
Эй Набийнинг аёллари! Сизлар аёллардан бирортаси каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманг, яна қалбида касали бор бўлган тамаъ қилиб юрмасин. Гапирганда яхши гапни гапиринглар. (Аҳзоб,32)
Бу оятда аёлнинг бегона эркак билан гаплашиши жоизлигида икки шарт қўйилган:
#Биринчи: сўзнинг майин бўлмаслиги
#Иккинчи: гапирадиган гапи фақат зарурий маъруф гап бўлиши
Мазкур оятдаги хитоб Росулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи васалламнинг аёлларига бўляпти. Улардан эркаклар билан гаплашганда ушбу оятнинг буйруғига бўйсуниш талаб қилинмоқда. Аслида у жамият, яъни, саҳобаи киромлардан ташкил топган жамият энг пок, энг соф, энг иффатли жамият эди. Демак булардан бошқаларнинг бу оятнинг кўрсатмасига эътибор қаратиши ва амал қилиши авлороқдир. Улар пайғамбар соллаллоҳу аълайҳи васалламнинг аёллари бўлгани учун мўминларнинг оналари ҳисобланади. Ақлан олиб қарасак, уларга бировнинг таъмаси бўлмайди. Уларгаки ушбу буйруқ бўлганидан кейин, ахлоқий таназзулга учраган бугунги кунда биз учун бу оятга амал қилиш янада муҳимроқдир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, фуқаҳоларнинг мазкур сўзларига кўра зарурий ҳолатда аёлнинг бегона эркак билан гаплашиши жоиз бўлиши учун қуйидаги шартларга риоя қилиш лозим бўлади:
#Биринчи: Гаплашиш шаръий зарурат учун бўлиб, унда ҳожат доирасидан ортиқ гапни чўзиб, кенг мазмунда гаплашмаслиги.
#Иккинчи: Сўзида, майинлик, юмшоқлик, мулойимлик, ҳазил-мутойиба, шаъма қилиш кабилар бўлмаслиги,токи бу нарсалар шаҳватни қўзғалишига сабаб бўлмасин.
#Учинчи: Гаплашаётганда иккиси ёлғиз қолмаслиги.
📚ИБРАТЛИ ҲИКОЯ ВА ҲАЁТИЙ ВОҚЕАЛАР ФАҚАТ БИЗДА📚