Даҳшатли метапневмовирус: ваҳимага ҳожат борми?
Одамлар орасида, мессенжер гуруҳларида гўёки Хитойдан даҳшатли вирус кириб келгани ҳақида гаплар юрибди. Бу ҳолатга ойдинлик киритиш учун глобал тармоқда мавжуд маълумотларни ўрганиб чиқдик.
Метапневмовирус — аслида янгимас, у 2001 йилда Нидерландияда аниқланган бўлиб, структура жиҳатидан қизамиқ, паротит ва респиратор-синцитал вирус касалликларини келтириб чиқарувчи paramyxoviridae вируслари оиласига мансуб. Одамлар маска режимида ва изоляцияда бўлган ковид пандемиясидан сўнг ҳар йили куз, қиш ва баҳор мавсумида бу вирусга чалиниш ҳолатлари нисбатан кўпроқ
кузатилади. Нега вирус Хитойдан келди деган гап юрибди? Чунки мамлакатда мавсумий ЎРВИга чалиниш ҳолатлари ортишига тайёргарлик сифатида пневмония билан оғриган беморлар мониторинги йўлга қўйилган. Шифохоналар беморларнинг катта оқимига дуч келган ва улар орасида грипп, шунингдек, метапневмовирусга (hMPV) чалинганлар ҳам аниқланган. Бу ҳолат ОАВ эътиборига тушган.
[Яна кимдир кўршапалак еб қўйган бўлмасин деб] Журналистлар hMPV'нинг давоси йўқлигига урғу бериб, ўзига хос шов-шув кўтарган. Ваҳоланки, исталган шифокордан сўрасангиз, ҳеч қайси вирусга қарши махсус даво йўқ. Касаллик симптомларини енгиллаштирувчи муолажа ва препаратлар бор, холос.
Қозоғистонда нима гап? Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги октябр ойидан бери аниқланган 30та МПВга чалиниш ҳолати ҳақида хабар берган. Бу ҳамма ЎРВИ билан касалланганларнинг 1,6%ини ташкил этади. Бироқ ваҳимачи,
⚡⚡⚡ телеграм-каналлар гўёки "қотил" вирус Хитойдан Қозоғистонга ҳам келгани ҳақида хабар тарқатган.
Катта эҳтимол билан кўпчилигимиз бу вирус билан касалланиб, тузалиб бўлганмиз. У аксарият одамларда оддий грипп сингари кечади. Фақат болалар ва сурункали касалликлари бор одамлар, қариялар хавф гуруҳига киради.
Шундай экан, ортиқча ваҳимага берилмай, ҳар доимги эҳтиёт чораларини кўрамиз: • Одамлар тўпланадиган жойларда ниқобда юриш, қўлларни ювиш, иммунитетни ошириш ва спорт билан шуғулланиш асло зарар қилмайди.
Пресс-пул — каналга обуна бўлинг.